ёхуд ёшлар орасида автомобиль бошқариш муаммоси
Охирги вақтларда менга энг оғир таъсир қилаётган мурожаатлар — вояга етмаганлар бошқаруви оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидагилар.
Бу шунчаки автоҳалокат эмас.
Бу — синган тақдирлар.
Бу — издан чиққан ҳаётлар.
Бу — умрбод асоратлар.
Яқинда бир фуқаро шундай воқеани айтиб берди: қарама-қарши йўналишдан келаётган скутерни вояга етмаган бола бошқараётган бўлган. У бошқарувни йўқотади ва тўқнашув содир бўлади. Бола реанимацияга тушади. Тирик қолса ҳам, умрбод ногирон бўлиб қолиш эҳтимоли бор.
Бир қарашда жабрланувчи — бола. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Қарши томондаги ҳайдовчи-чи? У ҳам бир умр унутилмайдиган қалб азоби билан яшашга маҳкум этилди. Унинг ҳам ҳаёти бир лаҳзада ўзгарди.
Фожиалар кўпинча бир хатодан эмас, бир бепарволикдан бошланади.
Калитни ким берди? Назоратни ким қўлдан чиқарди? “Ҳеч нарса бўлмайди” деган ишончни ким сингдирди?
Самарқанд туманида ярим тунда содир бўлган аянчли ҳодиса эса муаммонинг илдизи анча чуқур эканини кўрсатди. Ота-онасининг сийлови туфайли машинали бўлган ўсмир дўстларини миндириб, маҳалла кўчаларида эркин ҳаракатланган. Бу “завқ” иккинчи ўсмирни ҳам илҳомлантирган: уйдагилар ухлаб қолган пайтда бобосига тегишли машинани сўроқсиз олиб чиққан. Шундан сўнг икки машинада 8–9 нафар ўсмир пойга қўйган.
Натижа эса фожиали бўлди. Йўлга сиғмаган тезлик қарама-қарши чиқиш билан якунланди. Рўпарадан келаётган автомобил билан тўқнашув содир бўлди. Беш нафар ўсмир шифохонага ётқизилди. Манманлик ва масъулиятсизлик бир оиланинг эмас, бир нечта хонадоннинг тақдирини ўзгартирди. Бир ўсмирнинг кўзи қайта очилмади.
Шифохона олдида ҳафталаб тунни тун демай турган, кўзлари ёшга тўлган ота-оналар ҳолатини бошига тушмаган одам тўлиқ тасаввур қила олмайди. Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки: йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштирмасдан транспорт бошқариш — бу шўхлик эмас, бу хавф.
***
Энг ташвишли томони — айрим ҳолларда ота-оналар айбни ўзидан эмас, бошқадан излайди. Ҳолбуки, масаланинг илк нуқтаси кўпинча хонадон остонасида бошланади.
Яқинда Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бири директори маслаҳат сўраб мурожаат қилди. Унинг айтишича, юқори синф ўқувчиларидан бири мактабга мунтазам равишда машина бошқариб келади. Танаффус пайтида синфдошларини миндириб шаҳар айланади. Мактаб раҳбарияти бир неча бор йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини чақиртириб, автомобилни жарима майдонига жойлаштирган. Аммо ҳар сафар жарима тўланиб, ҳолат яна такрорланган.
Масала шундаки, мактаб интизомни талаб қилади, аммо айрим ота-оналар устозларнинг огоҳлантиришини жиддий қабул қилмайди. Жамоатчилик назорати сусайганда, тарбия институти ёлғиз қолади. Мактабнинг таъсири оила қўллаб-қувватламагунча тўлиқ самара бермайди. Тарбия бир томонлама бўлмайди — у ҳамкорликни талаб қилади.
***
Яна бир хавфли тенденция кузатилмоқда: ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёшларга автомобилларни ижарага бериш ҳолатлари. Айрим “GetCar” каби номлар остида фаолият юритаётган тижорий хизматлар пул эвазига калитни тутқазмоқда. Ижтимоий тармоқларда “лайк” ва “кўришлар” илинжида бўлган айрим ўсмирлар пул йиғишиб, ижарага олинган машинада кўчаларда бир-бирини видеога олишни “мода”га айлантирмоқда.
Бу ерда савол яна ўша: назорат ва масъулият кимда?
Автомобиль — ўйинчоқ эмас. У ҳаётни сақлаш воситаси ҳам, уни йўқ қилиш қуроли ҳам бўлиши мумкин. Вояга етмаган бола қўлидаги рул — бу фақат темир эмас, бу тақдирни бошқариш хавфидир.
Ота-она фарзандига машина калитини берганда, у фақат металл буюмни эмас, балки эҳтимолий фожианинг эшигини очаётганини англаши керак.
***
Реанимация бўлимида ётган бола — фақат бир оиланинг эмас, жамиятнинг дарди. Бир умр асорат билан яшаш эҳтимоли — бу шунчаки тиббий ташхис эмас, бу ижтимоий фожиа.
Ҳурматли ота-оналар, фарзандингизга машина совға қилишдан олдин ўзингизга бир савол беринг:
Қачонгача калитни болага бериб, тақдирни таваккалга қўямиз?
Қачонгача айбни бошқадан излаймиз?
Қачонгача мактаб ва ота-она масъулиятни бир-бирига юклайди?
Фарзандим ҳаётни бошқаришни ўргандими?
Ёки мен унга ҳалокатни бошқариш имконини беряпманми?
Синган тақдирлар баҳосига кеч англанган ҳақиқат жуда қимматга тушади.
Элдор Муҳаммадиев.