Президентимизнинг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тузилган кенгашлар фаолият юргизяптими? Ўзи ҳамма давлат органларида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилган эдими? Аслида, давлат раҳбаридан олдин бу муаммолар ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари бонг уриши керак эмасмиди?
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан 27 январда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳозирги мавжуд ҳолатнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида батафсил тўхтаб ўтди. Жумладан, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин маҳалла профилактикаси эканлиги, Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани учун муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди. Агар ишлар «маҳалла еттилиги» ва жамоатчилик билан ҳамжиҳатлик билан олиб борилганида 7,5 мингта жиноятнинг олдини олиши мумкин таъкидланди.
Президент қарорига кўра, давлат органи ҳузурида ташкил этиладиган Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади ҳамда фуқаролик жамиятининг институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажаради.
Турли йўналишларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, уларни олдини олиш ўрнига содир этилганидан кейин санаб ўтиш жамоатчилик билан алоқа кенг йўлга қўйилмаганлиги натижаси эмасми? Шунингдек, бундай салбий ҳолатларга айрим калтабин, узоқни кўра олмайдиган амалдорларнинг эркин сўзни бўғишга қилаётган ҳаракатлари ҳам сабаб бўлмаяптими?
Қарорда ҳар бир давлат органи, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳокимликлар ҳузурида жамоатчилик кенгашини ташкил этиш кўзда тутилган эди. Бир қатор давлат органлари ҳузурида 2021-2023 йилларга келиб ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши ўз Низоми бўйича ишлаяптими?
Жамоатчилик кенгаши фаолиятини рейтинг баҳолаш бўйича комиссияси ташкил этилган давлат органлари ҳам мавжуд. Масалан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги кенгаш бир йилда икки марта – июнь ва декабрь ойларида кенгаш фаолиятини баҳолаши белгиланган.
Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва вилоятлар ИИБ ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилган ва уларнинг Низоми ишлаб чиқилган эди. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Низомида қуйидагилар белгилаб қўйилган: “Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари қоида тариқасида унинг ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказиладиган мажлисларида кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда эса Жамоатчилик кенгашининг навбатдан ташқари мажлислари ҳам ўтказилиши мумкин”.
Аммо тузилган Жамоатчилик кенгашлари фаолият кўрсатяптими? Ушбу фаолиятни баҳолаш йўлга қўйилганми? Қайси давлат органи ушбу саволларга ижобий жавоб бера олади? Агар улар жавоб бера олганида эди, турли йўналишларда бунчалик муаммо ва камчиликлар бўлмасди! Бежиз давлатимиз раҳбари, жамоатчилик билан ҳамкорлик йўлга қўйилганида Тошкентда содир этилган жиноятларни катта қисмининг олдини олиш мумкин бўларди, деб таъкидламади!
Яна бир масала Жамоатчилик кенгаши раиси билан боғлиқ. Деярли барча кенгашларга ўша давлат органининг пенсиядаги собиқ ходими раҳбарлик қилади. Ўзи чиққан, кўп ҳолларда раҳбарларидан бири бўлган идора устдан ўрнатилиш лозим бўлган назоратга адолат билан, объектив ёндаша оладими? Яна бунинг устига кенгашни чақириш муддатини давлат органи раҳбари белгилайди ва унинг кун тартибини тасдиқлайди.
Жамоатчилик кенгаши фаолиятидан хабардор бўлганлар борми? Ўтган йиллар мобайнида нечта йиғилиш ўтказилди ва уларнинг самарадорлиги қандай бўлди? Масалан, шуни аниқ биламанки, Самарқанд вилоят ИИБ Жамоатчилик кенгашининг охирги йиғилиши бундан икки йил олдин, 2024 йил 5 февралда ўтказилган эди. Вилоят прокуратурасида-чи? Ҳокимликларда-чи?
Ҳар бир қарор қабул қилингунича қанча чиғаноқлардан ўтади, унда белгиланган вазифалар амалга оширилса, давлат ва жамият ривожига қандай ҳисса бўлиши белгилаб олинади. Бундан хулоса шуки, қарор ва фармонларни худди қонун талаблари каби бажариш лозим. Уларга номигагина, кўзбўямачилик билан жавоб бериш нафақат масъулиятсизлик, балки кўп ҳолларда зараркунандалик сифатида баҳоланиши зарур!
Тошпўлат Раҳматуллаев