Оқдарё туманида вояга етмаган боланинг маҳалла кўчаларида давлат идорасига тегишли хизмат машинасини тезликни оширган ҳолда бошқариб юргани ҳақда хабар тарқалди.
Жумладан, “Опа-ука журналистлар” каналида бу ҳақда шундай сўз боради:
“Бизга Оқдарёдан мурожаат келди: фуқаролар Самарқанд вилояти ЙҲХБдан вояга етмаган фарзандига машина берган отага нисбатан чора кўришни сўрамоқда.
Маълум қилинишича, Оқдарё тумани Тараққиёт маҳалласи ички кўчаларида давлат рақами 30 134 DAV бўлган автомобилни ёш бола бошқаргани ота-оналарни ташвишга солган. Бу ҳолат маҳалла ижтимоий тармоқларида ҳам муҳокама қилинмоқда.
Фуқаролар мутасаддилардан ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чоралар кўришни сўрамоқда. Хизмат машинасини миниб юрган болакай кимнинг эркатойи?” дейилади хабарда.
Ҳолат ҳақиқатга тўғри келиш келмаслиги ҳақида ҳозирча мазкур хизмат машинаси тегишли бўлган бирор ташкилотдан муносабат билдирилмаган.