Бемор нега ҳудудий поликлиникага мурожаат этмайди? Ишонмайдими? Ҳолатни ўзгартириш учун нималар қилинмоқда?

Самарқанд вилоятида беморларнинг 30 фоизи поликлиникаларга, қолган 70 фоизи эса бевосита марказий шифохоналарга мурожаат қилади. Дунё миқёсида бунинг аксини кўрамиз, яъни ҳудудий поликлиникаларга мурожаат 70 фоизни ташкил этади. Аҳолининг ўзига яқин ва қулай жойлашган тиббиёт муассасасига ишончини мустаҳкамлаш ва дастлаб поликлиникага мурожаат қилишини рағбатлантириш учун бизда нималар қилинмоқда?

Яйнан шу мақсадни кўзлаб, Ўзбекистонда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги тегишли фармонига мувофиқ, соғлиқни сақлаш тизимини янги модель асосида ислоҳ қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар бошлаб юборилди.

Дастлаб 2025 йилнинг 1 июлидан 15 та туман ва шаҳарда тажриба-синов лойиҳаси йўлга қўйилди. Шуниси диққатга сазоворки, барча вилоятлардан биттадан, фақат Самарқанддан учта – Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Иштихон туманлари тажриба-синов ҳудудлари сифатида танлаб олинди. Ушбу амалиёт жорий йилдан Самарқанд вилоятининг барча ҳудудларини қамраб олди.

Вилоятда тиббиётни модернизация қилишга қаратилган амалий ишлар қандай аҳволдалиги, ўтган йилда қилинган ишлар ва бу йилги режалар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, соҳага киритилган янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан пресс-тур ташкил этилди.

Нималар қилинди? Бажарилган ишлар сарҳисоби

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев журналистларга соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштиришга қаратилган соҳани ислоҳ қилишнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Ушбу йўналишдаги ислоҳотнинг асосий мақсадларидан бири бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш орқали оилавий поликлиникаларда кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифат ва самарадорлигини оширишдан иборат эканлигини таъкидлади.

Дастлаб рақамларга мурожаат қилайлик. Вилоятда 41 та шифохона, 16 та маслаҳат-диагностика поликлиникаси, 400 та поликлиника, 9550 нафардан кўпроқ шифокор ва 28 минг нафарга яқин ҳамшира фаолият юритмоқда. Хусусий тиббий муассасалар сони 670 тани ташкил этиб, улар томонидан 80 хилдаги хизматлар жорий этилган.

С.Зайниев касалликларни эрта аниқлаш бўйича ўтказилган скрининг тадбирлари ҳақида алоҳида тўхталди, юқори технологик амалиётлар сони уч ярим баробарига ошиб, 3500 тага яқинлашганлигини уқтирди. Замонавий амалиётларни юқори сифатда ўтказиш мақсадида керакли асбоб-ускуналар, жумладан 2850 тадан ортиқ рақамли ускуналар харид қилинди. Аммо техника қанчалик такомиллашган бўлмасин, кўп нарса тиббиёт муассасаси ходимларига боғлиқ. Шу сабабли тизимда ходимлар малакасини ошириш, уларни хорижга ўқишга юборишга эътибор қаратилмоқда.

2025 йилнинг сентябрь ойида 6 минг нафарга яқин тиббиёт ходими аттестациядан ўтган бўлса, улардан 65 фоизи ижобий натижа кўрсатган. Шу ҳақда сўз юритар экан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ушбу кўрсаткичдан ўзи ҳам қониқмаганлигини қайд этди. Натижа нисбатан пастлигини ходимлар компьютер орқали тест топширишга пухта тайёр бўлмаганлиги ва аттестация янги тизимга ўтиш бошланиши биланоқ ўтказилганлиги билан изоҳлади.

Тажриба-синов лойиҳаси йўлга қўйилгунча поликлиникларга мурожаат 30 фоизни ташкил этган. Қолган 70 фоиз беморлар бевосита шифохоналарга мурожаат қилган. Аслида поликлиникага мурожаат 70 фоизни ташкил этиши лозим экан.

Ислоҳот доирасида ихтисослаштирилган тиббий хизматни йўлга қўйиш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди: ҳар бир ҳудудда марказий шифохоналар ташкил этилди, маслаҳат-диагностика марказлари фаолияти йўлга қўйилди, марказий лабораторийлар ташкил этилди ва тўла DMED ахборот тизимига ўтказилди.

“Тор мутахассисларнинг асосий қисми поликлиникалардан маслаҳат-диагностика марказига ўтказилиши ҳамда қон, сийдик таҳлили ва капрология (нажас таҳлили) марказий лабораторияга юборилиши аҳолининг эътирозига сабаб бўлди. Тўғри, дастлабки пайтлар янги тизимга ўтила бошланганда, камчиликлар юзага келди, беморлар оворагарчилигига йўл қўйилди. Бу камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилмоқда”, – деди С.Зайниев.

Айни пайтда марказий лабораторияга 10 та махсус автомашина (5 та Самарқанд шаҳрига, 3 та Булунғур ва 2 та Иштихон туманларига) беркитилган бўлиб, улар поликлиникалардан таҳлил материалларини тезда лабораторияга етказишга хизмат қилмоқда. Таҳлил натижалари беморга ва шифокорга DMED тизими орқали етказилади.

Журналистлар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали фаолияти билан ҳам таништирилди. Филиал бош врачи Хушнуд Низамов шифохонада оғир юрак хасталигига учраган беморларга кўрсатилаётган хизматлар, бунда замонавий жиҳозлардан фойдаланиб келинаётганлиги ҳақида сўз юритди.

Кардиология шифохонасида беморларнинг яқинлари учун ташкил этилган намунали кутиш зали диққатимизни тортди. Бу ерда фуқароларга барча шароитлар муҳайё этилган. Улар кириш мумкин бўлмаган хоналарда даволанаётган яқинлари билан мулоқот қилиш имконига эга. Бунинг учун махсус кабиналарда алоҳида ускуналар ўрнатилган.

Шунингдек, беморларнинг яқинлари орасида соғлигида муаммоси борлар кутиш залининг ўзида тиббий кўрикдан ўтишлари учун имкон яратилган. Уларга керакли тавсиялар берилади. Хушнуд Низамовнинг уқтиришича, марказдаги кутиш зали нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ давлатлари орасида ҳам ягона экан.

2026 йилда яна нималар ўзгаради? Қандай янгиликлар рўй беради?

Жорий йилда соғликни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш натижасида уни методологик ҳудудга айлантириш кўзда тутилган.

Болаларда онкогематологик касалликларни аниқлаб, эрта даволаш мақсадида вилоятда 80 ўринли болалар онкогематология бўлими очилади . Бугунги кунда фуқароларимиз мазкур йўналишдаги касалликларни даволаш учун хориж шифохоналарига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Самрқанд шаҳрида 9 гектар майдонда 800 ўринли кўп тармоқли шифохона ташкил этилади. Шунингдек, 100 ўринли болалар реабилитация бўлимини очиш ҳам кўзда тутилган. Вилоятдаги 13 та ҳудудда Марказлашган лабораториялар ташкил этилиб, 5 турдаги замонавий жиҳозлар билан таъминланади.

Тиббиёт ходимлариниг малакасини ошириш бўйича амалий ишлар қилинади. 1400 нафар оилавий шифокор ҳамда 5600 нафар оилавий ҳамшира оила саломатлиги модули бўйича ўқитилади. Жорий йилдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича аҳоли ва хусусий оилавий шифокорлар ўртасида битим тузишга рухсат этилади.

Ушбу ўзгаришлар туфайли нималарга эришилади? Аҳолининг 55 фоиз тиббий эҳтиёжлари бирламчи бўғинда ҳал этилади. Республика марказларида бажариладиган хизматларнинг 70 фоизи вилоятда амалга оширилади.

Суҳроб Зайниев ўз чиқиши давомида аҳоли соғлигини сақлашда муҳим бўлган йўналишга ҳам тўхталиб ўтди. “Бизда жуда кўп куч ва маблағ касалликлар билан курашишга қаратилмоқда.Аслида, тиббиётда профилактика ишларига асосий эътибор қаратилиши лозим. Ҳозирги беморлар ва касалликлар сонини кескин пасайтириш учун аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданиятини юксалтиришга эришмоғимиз ва асосий эътиборни профилактикага қаратмоғимиз лозим” – деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Президентнинг 2025 йил 19 майдаги 185-сон қарорининг 4-иловасида аҳолига уларнинг соғлиғини сақлаш билан боғлиқ қуйидаги мажбуриятлар юклатилади: ўз соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш, уни сақлаш, мустаҳкамлаш ва тиклаш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш; соғлом турмуш тарзига риоя этиш; санитария-эпидемиологик талабларга риоя қилиш; танланган ташхислаш ва даволаш тактикасини амалга ошириш учун тиббиёт ходимларининг тавсияларини сўзсиз бажариш.

Энди тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тарғибот ишлари кучайтирилади. Бу тўғри-да! Аслида, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари касалликка қарши курашдан кўра, унинг олдини олиш билан машғул бўлиши керак эмасми?.

Тажриба-синов лойиҳаси ўтказилаётган туманларда аҳвол қандай?

Пресс-тур доирасида журналистлар Иштихон туманида ҳам бўлди. Бу ҳудуд синов тариқасида республикада илк бор рақамли тизимга ўтган туманлардан бири саналади. Тизимдаги ўзгаришлар, амалга оширилган ишлар билан туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Суннат Сафаров батафсил таништирди.

Туман марказий шифохонсини кўриб ҳайратимиз ошди. Ҳудуди катта ва обод экан, бинолари ҳам замонавий. Энг муҳими, келган беморлар учун барча шароит муҳайё этилган: шифохона замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, беморларнинг даво излаб вилоят марказига боришга ҳожати қолмаган. Деярли барча амалиётлар шу ернинг ўзида бажарилар экан.

Лабораторияни айтмайсизми? Поликлиникалардан учта махсус автомашина олиб келган қонни 97 хилда таҳлил қилиши мумкин экан. Таҳлил мураккаблигига қараб бир соатдан уч соатгача тайёр бўларкан. Биз ҳам синов тариқасида қон топшириб, таҳлилини кутдик. Менинг ўзимга таҳлил натижаси DMED тизими орқали бир ярим соатда етиб келди.

Туман шифохонасида кўпчилик тиббиёт марказларида ҳам бўлмаган МСКТ аппарати – Мультиспираль компьютер томографияси ишлаб турганлигига гувоҳ бўлдик.

Шифохона ҳудудида учта кутиш зали қурилиб, фойдаланишга топширилган. Уларда Wi-Fi зоналари мавжуд, кондиционер ўрнатилган. Туғруқ бўлими учун қурилган кутиш залига келганларга она ва бола ҳолати ҳақида палатадан тўғридан тўғри маълумот берилади.

Вилоятимизда ва Иштихонда амалга оширилган ишлар ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Муҳими, вилоятда тиббиёт тизимини ислоҳ қилишга бўлган ҳаракат муваффақиятли якун топсин ва халқимиз сифатли тиббий ёрдам олиш учун энди овораю сарсон бўлмасин!

Тошпўлат Раҳматуллаев
Муаллиф олган суратлар.