Ифторлик нима? Эҳсон манзилли бўлиши керак эмасми?

Ифторлик Рамазон ойида рўзадорларни тўйдириш мақсадида уюштириладиган маросимдир. Уламоларимиз бу маросим ҳам шариатда бошқа хайр-у эҳсонлар каби бева-бечора, мискинларни кўзлаб жорий қилинганини уқтириб келмоқдалар. Ифторликка яқин қариндошлар, дўстлар ва илм аҳли таклиф қилиниши жоиз экан.

Бу ҳақда сўз юритган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “ифторлик маросими қилиш ҳеч кимга фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас” деганлар.

Кейинги йилларда Рамазон ойида тўйхоналарга 200-400 ва ҳатто бундан кўп кишини чақириб, ўтказилаётган маросимни том маънода “ифторлик” деб аташ мумкинми? Бундай “ифторлик”ни ўзига тўқ одам беради ва ўзига ўхшаган бадавлатлару амалдорларни таклиф этади. Ўнлаб уламолар (вилоятдан ташқари Тошкентдан ҳам) чақирилади. Бу дабдаба ва хўжакўрсинга ўтказилаётган тадбир риёкорлик эмасми?

Савобга эришмоқчи бўлганлар муҳтожларга манзилли эҳсон қилиш имконига эга. Бунга кўплаб жонли мисоллар келтиришим мумкин. Бу йил Рамазон ойининг биринчи куни Боғимайдон маҳалламиз фуқароси 25 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилага эҳсон қилди. У тарқатган маҳсулот айрим оилаларга бир неча кўп марта қозон қайнатишга етади. Мана ўзингиз баҳоланг: 25 кило қозоқ уни, 10 кило картошка, 1 кило гўшт, 30 та тухум, уч килодан шакар, гуруч, макарон ҲАР БИР ОИЛАГА етказилди. Агар пулга чақилса, бу 20 миллион сўмга яқин.

Нима учун мен буларни санаб ўтдим? Тўйхоналарда “ифторлик” қилаётганлар 50 миллиондан 100 миллион сўмгача харажат қилмоқда. Қорни тўқлар учун бунча пул сарфлагандан кўра анча камроқ маблағга рўзғор учун керакли маҳсулотлар харид қилиб, эҳтиёжманд оилаларга тарқатса савобли иш қилган бўларди.

Айрим қитмирлар, масала моҳиятини тушунмасдан “бойнинг пули ўзиники қандай сарфлашни ўзи билади” дейиши мумкин. Лекин бу ерда гап Рамазон ойида ифторлик қилиш орқали рўза тутиб оғиз очишга қийналганларнинг қорнини тўйдириш ва савоб олиш ҳақида кетмоқда. Савоб олмоқчи бўлганлар ушбу маросимни шариатда белгиланганидек амалга ошириши лозим эмасми?

Тошпўлат Раҳматуллаев