“Маҳалла еттилиги” ўз вазифасини тўлақонли бажаришига қандай тўсиқлар мавжуд? 

“Маҳалла еттилиги” ўзига юклатилган вазифаларини рисоладагидек бажармаётганлиги ҳақида гап-сўзларни эшитамиз. Бу ҳақда тепадан, яъни юқори турувчи идора раҳбарлари ва пастдан, яъни аҳоли томонидан эътирозлар билдирилмоқда. Уларнинг маълум қисми асосли. 

Масала моҳияти нимада?

Хўш, нега шунча эътибор ва талабга қарамасдан маҳалла ходимларида оқсоқлик мавжуд? Афсуски, бунинг сабабларини ўрганиб, уларни бартараф қилишга интилиш йўқ. Қарору топшириқлар юқорида, айрим ҳолларда маҳалла хусусиятлари ва ўзига хослигини чуқур англамаганлар, болалик ва ўсмирлиги маҳаллада ўтмаганлар томонидан тайёранади. Бундай эмас дейсизми? Унда нега маҳалла тизими вазирлик таркибига қўшиб юборилган эди? 

Мамалакатимизда кейинги йилларда маҳалла тизимини юксалтириш борасида сезиларли амалий ишлар қилинди. Аммо, шу билан бирга, соҳада ечимини кутаётган масалалар йўқ эмас. Уларни ҳал этиш орқали маҳаллани қуйи поғонадаги халқпарвар тузилмага айлантириш мумкин бўлади. Акс ҳолда, маҳалла тизимнинг асл мазмун-моҳиятидан бехабар айрим мутасаддилар томонидан давлат ҳокимиятининг қуйи поғонасига ёки собиқ “сельсовет” идорасига айлантирилади. 

“Маҳалла еттилиги” тизимини ташкил этишдан мақсад аҳолининг асосий муаммолари маҳалланинг ўзида ҳал бўлишига эришишдан иборат. Одамлар овораю сарсон бўлиб идорама-идора юрмасдан, маҳалла раисига ёки маҳалланинг бошқа ходимига мурожаат қилади. Улар тегишли давлат органига муаммони етказади. Давлат органи вакили муаммони ҳал этади, зарур бўлса, маҳаллага келади. 

Аслида шундай бўлиши керак. Амалда-чи? Ҳалигача бошқарув идоралари тизими ушбу янгича ишлаш механизмини ҳазм эта олмаяпти. Бу  йўналишдаги қонун ҳамда давлат раҳбарининг фармон ва қарорлари тўласинча ижро этилмоқда деб бўлмайди. 

Ижтимоий тармоқларда, маҳаллалар телеграм каналларида маҳалла раислари кўтараётган муаммолар эътиборсиз қолиб кетаётганлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Давлат идораларининг масъулиятсизлиги маҳалла раислари ва ходимларининг ишчанлик обрўсига путур етказиши билан бирга фуқароларнинг давлат органларидан норозилигига, ишончсизлигига сабаб бўлмоқда. 

Фейсбук ижтимоий тармоғида “Йиғилишбозлик — ишни емирувчи иллат!” сарлавҳали пост эълон қилинган эди. Фойдаланувчиларнинг аксарияти ёзган шарҳларида аччиқ гаплар айтилган, маҳалла ходимларидан норозилик билдирилган. Биз, маҳалла ходимлари, туну кун ишлаяпмиз деймиз. Аммо самарасини одамлар нега кўрмаяпти? Нега бунчлик ғазаб ва алам? Билдирилаётган бу норозиликлар қаердан келиб чиққан? 

Жамиятда маҳалла тизими ва “маҳалла еттилиги” ҳақида шундай ўта салбий фикрлар юрган экан, нимадир айтиш ва энг муҳими, нимадир қилиш зарур эмасми? Бу ҳақда фикр билдириш маҳалла раислари ва бошқа ходимларининг, уюшманинг юқорида турган мулозимлари вазифаси эмасми? 

Шахсан ўзим бир неча марта қатор таклифлар билан чиқдим. Бу ҳақда мақолалар ёздим, йиғилишларда гапиряпман. Аммо натижа йўқ. Ўз-ўзимизни мақташни тўхтатиб, аҳоли тилга олаётган муаммоларни ўрганишимиз ва уларнинг сарагини – саракка, пучагини –  пучакка чиқаришимиз лозим.

Яна бир марта кўпчиликни қийнаётган муаммоларни тилга олиб ўтишни лозим топдим.

Аниқ таклифлар бор, аммо уларни ким ўрганади, муаммолар ичига киради?

Маҳалла раиси ва ходимларнинг асосий вақти турли жадвалларни тўлдириш, ҳисобот тайёрлаш ва давлат органларидан келган топшириқларни бажариш билан ўтмоқда.Жадвал ва рўйхатларни бир неча марталаб тўлдирамизу, аммо фойдасиз: шундай қолиб кетади. Натижада аҳоли билан ишлаш, муаммоларни ичига кириб ўрганиш ва ҳал этиш учун деярли вақт қолмаяпти.  

Жойларда, айниқса туманларда, маҳаллий ҳокимликлар уларни хоҳлаган ишига жалб қилмоқда, ўзи истаган ўйинга ўйнатмоқда. Маҳалла раислари ва ходимлар Солиқ инпекцияси, Мудофаа ишлари бўлими, Статистика идораси, Ободонлаштириш бошқармаси каби қатор идора ходимлари ишини бажаришга жалб қилинган. Бундан ташқари, чиқинди тўлови, ичимлик сувидан фойдаланиш учун ва бошқа тўловлар, ушбу идоралар инспекторлари мавжудлигига қарамасдан, маҳалла раислари зиммасига юклатилган.  

Афсуски, шу вақтгача маҳалла раисларининг аниқ статуси ишлаб чиқилмаган. Худди маориф ва соғликни сақлаш ходимларидек, уларни ортиқча юкламалардан озод қилиш зарур. Маҳалла раиси статусини янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунда мустаҳкамлаш лозим, деб ўйлайман. Давлатимиз раҳбари янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини  2024 йилнинг 1 мартигача ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берган эди. Икки йил ўтиб кетди-ю, ҳозиргача лойиҳадан дарак йўқ.

Маҳалла раисларини йиғилишларга жаб қилиш бироз камайди. Аммо ходимлар юқори турувчи ташкилоти мажлисбозлигидан қутула олмаяпти. Айниқса, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, солиқ инспектори, ижтимоий ходимни турли йиғилишу тадбирларга жалб қилиш давом этмоқда. Уларнинг идоралари ҳанузгача ўзини маҳалладан ташқарида деб ҳисоблашмоқда.

Маҳалла тизимига солиқ инспектори лавозимини жорий этиш унча ҳам самарали бўлмади. Улар инспекция идорасида ўтириб, ҳафтада бир марта маҳаллага келса ва кун бўйи ишласа, яхшироқ эди. Ҳозир уч-тўртта маҳаллага бир нафар инспектор тайинланган. Улар эрталаб инспекция бошлиғининг топшириғини олиш учун идорасига боради, ҳафтада бир марта маҳаллага келса, бир-икки соат туради ва идорасидан яна бошқа топшириқ олади. 

Маҳалла профилактика инспектори хусусида ҳам қатор муаммоларни қайд этиш мумкин. Самарқанд шаҳрининг ўзида айрим маҳаллаларда инспектор йўқ, ўрни вакант. Ушбу маҳаллалардаги ҳуқуқбузарликларни ўрганиш ва чора кўриш ишлаётган инспекторларга топширилмоқда ва бу улар юкламасини ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан катта маблағ сарфлаб, профилактика инспекторлари учун хизмат уйлари  қурилган эди. Инспектор ўзи хизмат қилаётган маҳаллада яшаши ва кеча-кундуз вазиятни назорат қилиши учун шу йўл танланган эди. Амалда-чи? Бу масалани яхшилаб ўрганиш талаб этилади.  

Барча маҳалла раислари ва маҳалла ходимларини қийнаб келаётган масала, бу котиба ёки иш юритувчи лавозими йўқлигидир. Дунёда ушбу лавозим бўлмаган бирорта корхона, ташкилот ёки идора топилмаса керак. 

“Еттилик” аъзолари улар вазифасига хос бўлмаган топшириқлани бажаришга мажбур этилмоқда. Масалан, шу кунларда ҳоким ёрдамчилари статистика ҳисоботини топширмаган МЧЖни топиб, ҳисоботини топширтиришга мажбур этилмоқда. Ўзи ишлаётган маҳалла ҳудудидаги МЧЖ бўлганда ҳеч гап эмасди. Аммо шаҳарнинг турли маҳаллаларида жойлашган 20-30 та корхона ҳақида гап кетмоқда.  

Хотин-қизлар фаолларига “Аёллар дафтари”га қанча одам киритиш тепадан белгилаб берилди.Маҳалламизга 74 кишини киритиш топширилди. Аслида, бунча аёлни рўйхатга киритишга эҳтиёж йўқ эди. Бу ҳол қатор йиллар мобайнида давом этмоқда. “Дафтар”да аёллар сонини сунъий равишда кўпайтириб, кейин уларни чиқаришдан ким манфаатдор?

Икки йилдан бери маҳалла раислари маошини ошириш ҳақида гапирилади. Аммо ўзгариш йўқ. Ҳозирда раислар 4,5 миллион сўмга яқин маош олмоқда. Бу айрим ходимлар, хусусан ҳоким ёрдамчилари маошидан анча оз.

Телеграм мессенжерида “Маҳалла муаммолари” гуруҳи бор эди. Маҳалла раислари ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида ёзишарди, саволлар билан мурожаат қилишарди. Кўпга бормасдан, гуруҳ “паст”дан тушган саволларга эътиборсиз бўлиб қолди. Эндиликда муаммоларни эшитадиганнинг ўзи қолмади. Маҳалла уюшмасининг газетаси ва кўп сонли телеграм каналлари фақат мақтовлар билан сархуш бўлиб қолмасдан, муаммоларга ҳам эътибор қаратса, айни муддао бўларди.

Умуман олганда, маҳалла тизимини ислоҳ қилиш бўйича “пастда”,  тизимнинг дастлабки бўғинида фаолият юритаётганлар, яъни маҳалла раислари ҳар куни дуч келаётган муаммолар бўйича ўртага таклифлар ташламоқда. “Тепада” ушбу таклифлар таҳлил этилган ҳолда, тизим ривожига асос бўла оладиганлари қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди ва тизим аҳоли билан ишлаб, аҳолини рози қилишга сафарбар қилинарди. 

Аниқроқ айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев тизим олдига қўйган қуйидаги вазифани ҳал этиш имкони яраларди: “Биринчи галда, одамларимизни мурожаат қилишга энг кўп мажбур қилаётган тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни маҳалланинг ўзида бартараф этиш асосий вазифа бўлиши керак”. 

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалла раиси