ГАЗНИ СОТИБ, ТАППИ ЁҚҚАН ЎЗБЕГИМ

Афсуски, 60 йилча олдин айтилган бу сўзлар ҳозирги кунгача ўз долзарблигини йўқотган эмас. Яъни XXI асрнинг иккинчи чорагида ҳам биз ЎЗ табиий газимиз бўла туриб, нега уй иситишда ўрта асрлар усулидан фойдаланишга, метан “заправкаларда” соатлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқдамиз? Ахир, ҳар қандай маҳсулот билан аввал ўз аҳолисини таъминлаб, ундан ортганини четга сотиш тўғри, адолатли йўл эмасми?

Ўзи бу йил қаттиқ совуқ ҳам бўлмади. Ҳарорат озгина пасайиши газ таъминотида узилишга олиб келган экан, Энегетика вазирининг тизим қишга тайёр эканлиги ҳақидаги ваъдаси қаерга кетди?

22 январда, куннинг иккинчи ярмида Боғимайдон маҳалласида газ босими кескин пасайди. Афросиёб кўчасидаги ҳовлиларда умуман бўлмади. Самарқанд газ таъминоти вилоят идораси бошлиғи Ансор Муҳаммадиев босим катта линияда тушиб кетганлигини, соат 18-00 дан кейин ижобий ўзгариш бўлишини маълум қилди. Айтилган вақтдан бироз ўтгач, шаҳар идораси раҳбари Рамиз Омонов билан гаплашдим. Аҳвол яхши бўлишига у ҳам умид билдирди.

Ўзгариш бўлмагач, қўнғроқ қилсам, ҳар икки раҳбар ҳам жавоб бермади. Нега маҳалланинг бир қисмида оз бўлса ҳам газ бору, бошқа қисмида йўқлигини текшириб кўришини сўраб мутасаддилар Мусурмон Жалматов ва Умид деганига қўнғироқ қилдим. Жавоб бўлмади. Буни қарангки, халқ маблағидан маош олиб кун кўрадиган (фақат шугинами?) олифталар ҳеч бўлмса одамдай муносабат қилишни билмайди. Афсус!

Маҳалла раисларининг телеграм каналига бир назар солинг. Газ босими пастлиги ёки газ умуман йўқлиги ҳақида кўплаб шикоятларга кўзингиз тушади. Раислар бу ҳолат аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилиб, уларнинг ҳаққоний норозилигига сабаб бўлаётганлигини таъкидлашмоқда. Булар – Мотрид, Кўл, Сиёбча, Галаосиё, Боғдод, Юксалиш, Чилстун, Муборак, Бирлик, Нурли келажак (бундай келажакка қанча бор?), Чақар, Хўжағунжойиш, Бахтли ҳаёт (қачон насиб этаркан?) ва бошқа маҳаллалар.

Қиш тўсатдан келмайди-ку? Нега ҳар йили бундай ҳолат такрор бўлаверади. Бунга бошқарув маданиятидаги ўзибўларчилик, масъулиятсизларча ваъдалар берган, уларни бажармаганларнинг жазосиз қолиб кетаётганлиги сабаб бўлмаяптими? Халқ дардига бунчалик уқувсизлик билан ёндошиш, бепарво бўлиш мумкинми?

Энергетика соҳасининг уқувсиз, аниқ жазо йўқлигидан ўзидан кетиб, бепарво бўлиб қолган амалдорлари давлатимиз раҳбарининг халқни рози қилиш уларинг асосий вазифаси эканлиги ҳақидаги сўзларини англамайдими?

Майли, мен олифталик қилмасдан, печкага ўтин қаладим, аммо кўп қаватли уйларда яшайдиганлар нима қилади? Печкага олов қўйишим қимматга тушадиган бўлди. Ҳарорат баландлигидан печкадаги газ горелкаси эриди (суратга қаранг). Газ босими яхшиланса, уни янгилашга тўғри келади…

Танқидий материал эълон қилинганилигига 17 соатдан ошди. Аммо, муаллифнинг таъкидлашича, шу вақтгача ҳеч бир мутасадди муаммо билан қизиққан эмас. Кўплаб маҳаллаларда аҳвол ачинарли.