Рухшона Акбарова паспортидаги хатолик туфайли азият чекмоқда. Хатога йўл қўйганлар эса бепарво. Ўзи бизда, халқ пулидан каттагина маош олиб ишлаётган ҳуқуқ посбонлари орасида жон куйдириб, вазифасини бажарадиганлар борми? Ушбу аниқ муаммо юқоридаги саволга ижобий жавобни шубҳа остига қўймоқда.
Ўзи нима гап дейсизми? Фуқаро Акбарова Рухшона Акрамовнага паспорт расмийлаштиришда хатоликка йўл қўйилган. Унинг паспортидаги ЖШШИР, яъни жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами Фарғона вилояти Риштон туманида яшаб келаётган Акбарова Рухшона Авазжон қизининг ЖШШИРи билан бир хил бўлиб қолгани барча муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Ақли расолар ҳайратда қолиб, ўртага савол ташлашга ҳақли: бу қандай юз бериши мумкин? Ахир икки кишининг туғилган санаси, турар жойи (истиқомат қилаётган вилояти) ҳар хил бўлса, қандай қилиб ЖШШИР рақамлари бир хил бўлиши мумкин? ЖШШИРдаги 14 та рақам ичига жинс коди, туғилган сана, шаҳар коди ва назорат рақами каби маълумотлар яширинган. Паспортни янгисига алмаштирган тақдирда ҳам, серия ва рақам ўзгариши мумкин, аммо ЖШШИР ўзгармайди.

Мамлакатимизда 2021 йилдан бошлаб СТИР (ИНН) ўрнига айнан ЖШШИРдан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланган. Шундай экан, кундалик ҳаётимизда кўпгина ҳолатларда ЖШШИР ишлатиш зарурати туғилади. Р.Акбарова ҳам паспорт маълумотларидан фойдаланиш жараёнида қийналмоқда. Бошқача айтганда, емаган сомсага пул тўламоқда.
Масалан, университетга киришда бир қийналган эди. Шу йили бу ҳолат яна такрорланди. Жорий йил январь ойида Рухшона хорижий тил бўйича 8 баллик сертификатни қўлга киритганлиги учун олдиндан қилинган тўлов суммасининг 2,5 миллион сўмини қайтариб олиши керак эди. Айнан паспорт ёзган ва қўпол хатога йўл қўйганлар туфайли муаммо юзага келди.

Рухшона ва унинг отаси икки йил давомида турли ташкилотларга мурожаат қилиб келмоқда. Ҳуқуқини билган, аммо тартиботдан бехабар идоралар ваъда бериш ва ёлғон маълумот юборишдан нарига ўтолмаяпти.
Илова қилинган жавоб хатларининг нусхаларига кўз югуртиринг. Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг 2024 йил 24 мартдаги хатида “Р.Акбарованинг ЖШШИР билан боғлиқ хатолик бартараф этилганлиги” айтилган. Аммо ҳеч нарса ўзгармаган. Рухшонанинг бошқа бир мурожаатига Адлия бошқармасидан 2024 йилнинг 20 ноябрида яна жавоб келади. Унда март ойида берилган жавоб такрорланган, яъни ЖШШИР билан боғлиқ хатолик бартараф этилганлиги маълум қилинган. Аммо…
Ҳақиқий ҳуқуқий демократик мамлакатда бундай вазиятда қандай йўл тутилган бўларди? Камчилик маълум қилиниши билан бартараф этилиб, хатога йўл қўйган жазоланардими? Балки маънавий зарар қопланарди ҳам? Қани ўша мард? Хатоликни тан олиш, уни тезда тузатиш, одамларни сарсон қилмаслик амалдорларнинг, айниқса ҳуқуқ-тартибот органи деб аталаётган идоранинг иши эмасми?
Рухшонанинг дадаси маҳаллий амалдорларнинг эътиборсизлиги ва уқувсизлигидан иложи қолмасдан яна бир марта юқорига ариза юборишга мажбур бўлди. Бу сафар Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилди.
Уялинг, самарқандлик ҳуқуқ “посбонлари”!
Тошпўлат Раҳматуллаев.