Самарқандда жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси қониқарлими? Депутатлар нима дейди?

Жорий йилнинг 23 январ куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ, йигирма бешинчи сессиясида бир қатор масалалар, жумладан, вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Р.Тожиевнинг ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботда Самарқанд шаҳри бўйича ишлаб чиқилган транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режасига асосан 2024-2025 йилларда амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритилди.

Уқтириш лозимки, Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари демократик бошқарувнинг муҳим институти бўлиши лозим. Бизда эса…
Бунга сабаблар кўп, албатта. Сўз юритилаётган сессия ва ўша масала муҳокамаси ҳам бунинг сабабини яна бир бор кўрсатади.
Чунки мулозим ҳисобот даврида автовокзал ва автостанциялар қуриш ва ишга тушириш борасида талай ишлар амалга оширилганини айтаркан, Чўпонота массивидаги автовокзал вилоятнинг транспорт ҲАБига айланганини қайд этади.

Самарқанд тумани Мотрид қўрғони ҳудудида автостанция ишга туширилгани ҳам ҳисоботдан ўрин олган. Лекин 59 чоғли депутат «Э, оғайни ишга тушди деётганинг автостанциядан биронта автобус ёки такси топиб бўлмайдику, кимни алдаяпсан», демаган.
Аслида ҳисобот юзасидан ўнлаб саволлар берилиши лозим эди, бизнингча.
Оддий мисол, Самарқанд тумани Чумчуқли маҳалласи ҳудудида автостанцияда қурилиш ишлари бошлангани, Самарқанд шаҳар Ватанпарвар маҳалласи ҳудудида яна битта автостанция учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани кимга керак?
Модомики, қуриладиган автостанция жамоат транспорти хизматини яхшиламаётган, йўловчиларга қулайлик яратмаётган, ҳеч бўлмаганда, туманлардан қатновчи транспорт воситалари тўхтатишини таъминламас экан, бу кўзбўямачиликдан бошқа нима?
Ундан кўра, ўша жойни аукцион орқали тадбиркорга сотиб қўяверсин. Депутатлардан бундай кескин фикр кутиш ҳам аслида нотўғри.
«Автостанцияларнинг ишга туширилиши натижасида Самарқанд шаҳрига ҳудудлардан кириб келувчи 30 фоиз автомобиллар шаҳар атрофида тўхтатилади». Ҳисоботда айтилган бу гапга гулдорос қарсаклар чалингани бўлиши керак. Лекин биринчи автостанцияда ҳали бирон киши фойдаланмаяпти, қолганларидан кимдир фойдаланадими?
Яна бир гап, «вилоятда бугунги кунда 314 та йўналиш мавжуд бўлса, шундан 239 тасида хизмат кўрсатилмоқда. Қолган 75 таси тўхтаб қолган, тўхтаб қолган йўналишларнинг 56 таси автобус йўналишлари».
Буям ҳисоботда келтирилган. Жамоат транспорти шу аҳволда бўлишига қарамай, мулозимнинг «жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси ўртача 28 фоиздан 33 фоизга етказилади», деган ваъдасига чиппа-чин ишонилган.
Ҳа, энди Сиз ҳам ишонинг!
Бошқа йўлингиз йўқ.
Элнур Дилшод