Самарқанд шаҳридаги марказий истироҳат боғида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги ҳамда Ўзбек тили байрами муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда жамоатчилик фаоллари, тилшунос олимлар, ўқитувчилар, зиёлилар ва талаба-ёшлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар ўзбек тили миллатимизнинг ўзлиги, тарихи ва маънавий бойлигини ифодаловчи энг олий қадрият эканини таъкидлаб, 1989 йил 21 октябрьда қабул қилинган «Давлат тили ҳақида»ги қонун халқимиз ҳаётида туб бурилиш ясаган тарихий ҳужжат бўлганини қайд этди.
Давлат тилининг нуфузини янада ошириш, расмий ҳужжатлар, реклама ва ахборот воситаларида адабий тил меъёрларига тўлиқ амал қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда сўз маданиятига эътибор қаратиш ва ёшларда она тилига меҳр-ҳурмат туйғусини шакллантириш зарурлиги айтилди.
Тадбир доирасида Алишер Навоий, Маҳмуд Қошғарий ва бошқа буюк аждодларимизнинг ўзбек тили тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ёдга олинди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги 10 йил давомида давлат тилига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди, айниқса, 2019 йилдан кейин бу борада тизимли ишлар бошланди.
2019 йил 21 октябрьда Президентнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланиб, шу сана Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. 2020 йил 10 апрелда эса «Ўзбек тили байрами куни ҳақида»ги қонун қабул қилинди. Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиб, унга давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилди.
2020 йил 20 октябрьдаги фармон билан 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепцияси ҳамда уни 2020–2022 йилларда амалга ошириш дастури тасдиқланди. 2021 йилда Сенат «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни кўриб чиқди. Унда тил сиёсатининг асосий йўналишлари, тил бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги ҳамда давлат тилини ривожлантириш устидан жамоатчилик назорати каби янги нормалар ўз аксини топган.
Ш.Ашуров