Самарқанд яна бир йирик тадбирга мезбонлик қилмоқда

Буюк Ипак йўлининг қадимий чорраҳаси бўлган Самарқанд айни кунларда жаҳон шахматининг энг йирик тадбирларидан бирига мезбонлик қилмоқда. 15–27-сентябр кунлари шаҳарда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бўлиб ўтмоқда. Нуфузли мусобақада 202 давлатдан 2 мингдан ортиқ шахматчи, шунингдек, мураббийлар, ҳакамлар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Мусобақалар Самарқанддаги Silk Road International Exhibition Center — ЭКСПО марказида ташкил этилган. Мазкур мажмуа бундан аввал ҳам йирик халқаро шахмат мусобақаларига мезбонлик қилган.

Олимпиаданинг тантанали очилиши

15-сентябр куни “Боқий шаҳар” мажмуасида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Республикамиз Бош вазири Президентимизнинг мусобақа иштирокчилари ва меҳмонларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. ФИДЕ президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Вишванатан Ананд ҳам маросимда сўзга чиқиб, олимпиада иштирокчиларига омад тилади.

Очилиш маросимининг муҳим қисмларидан бири жамоалар ўйинларни оқ ёки қора доналар билан бошлашини аниқлаш учун ўтказилган қуръа ташлаш жараёни бўлди.

Маросимнинг бадиий дастурида Ўзбекистоннинг миллий маданияти замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилди. Миллий санъат намуналари, 3D-mapping ва дронлар шоуси тадбир дастурининг асосий қисмларидан бўлди.

Самарқанддаги шахмат ҳафталиги

Олимпиада билан бир қаторда Самарқандда ФИДЕ Конгресси ва Шахмат Параолимпиадаси ҳам ўтказилмоқда. Параолимпиадада 35 давлат вакиллари қатнашмоқда.

ФИДЕ маълумотларига кўра, 46-Олимпиада тарихдаги энг йирик шахмат мусобақаларидан бири ҳисобланади. Очиқ ва аёллар йўналишларида жами қарийб 400 та жамоа иштирок этмоқда.

Мусобақанинг илк кунида Самарқандга 10 мингдан ортиқ халқаро ва маҳаллий меҳмон ташриф буюргани қайд этилди. Шу тариқа шаҳарда нафақат спорт мусобақаси, балки шахматга бағишланган йирик халқаро форум ҳам шаклланмоқда.

Мусобақани юқори савияда ташкил этиш ва меҳмонларга зарур кўмак кўрсатиш жараёнига қарийб 1 000 нафар волонтёр жалб этилган. Улар иштирокчиларни кутиб олиш, йўналиш бериш, тадбирлар бўйича ахборот тақдим этиш ҳамда Олимпиада кунлари ташкилий жараёнларнинг мувофиқлаштирилишида фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон шахмати учун янги босқич

Сўнгги йилларда Ўзбекистон шахмати халқаро майдонда сезиларли натижаларга эришди. Мамлакат вакиллари жаҳон миқёсидаги мусобақаларда юқори натижалар қайд этиб келмоқда. Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ўтказилиши эса Ўзбекистоннинг шахматдаги спорт натижалари билан бир қаторда, йирик халқаро мусобақаларни ташкил этиш салоҳиятини ҳам намойиш этмоқда.

Қадимий Самарқанднинг тарихий муҳити ва замонавий инфратузилмаси уйғунлигида ўтаётган олимпиада 27-сентябрга қадар давом этади.

Шохрух Ашуров