Шу кунларда “маҳалла еттилиги “ аъзоларидан маҳаллада яшовчи муаммоли ва оғир тоифадаги фуқаролар жиноят содир этмаслигига кафолат хати ёзиб бериш талаб қилинмоқда. Масалан, ёшлар етакчиси ёзган “Кафолат хати”да давлат кўмагига муҳтож, оғир тоифага кирувчи ёшларнинг ҳар бири билан бажарадиган ишини кўрсатиб, охирида “ушбу шахс томонидан жиноят содир этилмаслигига КАФОЛАТ БЕРМАН” деб ваъда бериши лозим.
Жиноятчиликни кескин камайтиришга мутасадди бўлган ташкилотлар томонидан ўйлаб топилган ва “маҳалла еттилигига” мажбуран тиқиштираётган ушбу ҳужжат маҳалла раиси бошчилигидаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, солиқ инспекторининг ўзларини жиноятчи қилиб қўймайдими? Улар тарбияси оғирлар, ҳуқуқбузарлик қилишга мойил бўлганлар билан манзилли ишлаши, бу хавф гуруҳига кирувчиларни доимий назорат остига олиши мумкин. Аммо бир вақтга бориб, улар ҳуқуқбузарлик ёки жиноят қилмайди деб ким кафолат бера олади?

Масалан, яна ёшлар етакчисига қайтайлик. Ўз ота-онаси тарбия бераолмаганлар, аксинча арзандаларини гўдаклигидан талтайтириб юборган, боғча опаси, мактабдаги ўқитувчиси озгина танбеҳ берса ҳам унинг ёнини олиб, устозларини кўпчилик олдида шарманда қилганларнинг фарзандлари учун қандай қилиб ёшлар етакчиси жавобгар бўла олади? Бир неча марта қонунни бузган ҳолда дадасининг пули ёки лавозими орқасидан қутулиб қолган ўсмир ва ёшлар учун ҳам маҳалла жавоб берадими? Ҳуқуқ-тартибот органлари панжа орасидан қараган ёки “кўрмаган” ҳуқуқбузарликларга-чи?
Юқори минбарлардан “жиноятга жазо муқаррар, Ўзбекистонда фуқаро қилган жинояти учун қонуний жазоланади ва ҳар қандай ташқи тазйиқлар ўтказиш тақиқланади деган сўзлар янграйди. Аслида ҳам шундайми? Бу таъкид кундалик ҳаётимизни кузатиб бораётганларга шубҳа уйғотади. Нега дейсизми? Қанча мисол керак?
Шу кунларда Mercedes, BMW каби қиммат машиналарда йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ўсмирлар ҳақидаги хабарлар виждонли ватандошларимизнинг ғазаби ва эътирозига сабаб бўлмоқда. 10-синф ўқувчиси BMW автомобилида ЙПХ ходимини уриб ўлдирганлиги мавжуд ҳолатдан, бойваччаларнинг жазодан енгил қутулиб қолаётганлиги норозиликлар келтириб чиқармоқда. У билан бир вақтлар “гонка” ўйнаган йигит “кимдир бу нарсанинг орқасидан 15 суткага кириб кетади, лекин биз кичкина жарима билан қутулиб қолдик”, дегани ҳамда таниш-билишлари кўплигини, қилмишидан фахрланишини бир неча марта қайд этгани аксариятнинг нафратини ўйғотди.
Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмай туриб BMW автомобили рулида ўтирган 16 ёшли ўсмир олдин ҳам ҳуқуқбузарлик содир этган экан. Унга ва отасига маъмурий чора кўрилган. Ўсмир ҳайдаган автомобил эгаси уни 18 марта машина ҳайдаш ҳуқуқи бўлмаганларга берганлиги айтилмоқда.
Ўзидан кетган бундай нокасларнинг қилмишига ҳам улар яшаётган маҳалла ёшлар етакчиси жавобгарми? Оталари мавқеи туфайли қонуний жазодан қутулиб қолган ёки ҳуқуқ посбонлари томонидан уларнинг қилмишига мос чора кўрилмаган бир шароитда ёшлар етакчиси нима ҳам қила оларди?
PATRUL.UZ канали тарқатган қуйидаги хабарга эътибор қаратинг: “Тошкент марказида светофорнинг таъқиқловчи ишорасига бўйсунмайдиган, кеч тушди дегунча кетидаги гижжаси жунбушга келиб, шаҳар ичида шашка ўйнайдиган, пойга уюштирадиган АВТОТEРРОРИСТЛАР СОН-САНОҚСИЗ ЭКАН…”. Нима, бундан масъул ташкилотлар, жумладан ЙҲХБ бехабарми? Ахир, бундай жинояткорона хатти-ҳаракатлар пойтахт марказида содир этилаётган экан-ку! Бу автотеррористлар бир иш қилиб қўйса, маҳалласидаги ёшлар етакчиси айбдорми? Қани мантиқ?
Ёшлар етакчиси каби “маҳалла еттилиги”нинг бошқа аъзоларидан ҳам кимдир жиноят қилмайди деб кафолат хати талаб қилиш ўта бемаъниликдир. Бу маҳалла ходимлари ҳуқуқбузарлик профилактикасидан узоқда туради дегани эмас. Албатта, “еттилик”нинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги кўплаб масъулиятли вазифалар қаторида ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан ишлаш эканлигини англайди ва бу йўналишни ҳам эътиборсиз қолдирмайди.
Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Жиноятларни барвақт олдини олишда “маҳалла еттилиги” вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни самарали ташкил этишга оид” услубий қўлланмасида маҳалла ходимларининг вазифалари аниқ кўрсатиб ўтилган. Қўлланмада ижтимоий профилактика объектлари ўзига нисбатан ижтимоий профилактика тадбирлари амалга ошириладиган шахсларнинг ижтимоий муаммолари эканлиги уқтирилиб, ижтимоий профилактика тадбирлари амалга ошириладиган шахслар ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслардан иборатлиги кўрсатилган.
Шундан сўнг қўлланмада ижтимоий профилактика тадбирларини амалга оширувчи субъектлар, яъни “маҳалла еттилиги” томонидан ижтимоий мослашув дастури асосида амалга оширадиган ишлар батафсил белгилаб қўйилган. Вазифалар аниқ кўрстилган, лекин кафолат хати ҳақида ҳеч қандай ишора йўқ. Демак, бу талаб қайсидир амалдорнинг узоқни кўра олмаслиги оқибатида, ҳамма нарсага маҳаллани айблаш осонлигидан келиб чиққан ҳолда киритилган бўлмоғи керак.
Ўйлаймизки, кафолат хати ҳақидаги талаб қайта кўриб чиқилади ва бекор қилинади.
Тошпўлат Раҳматуллаев