Кўп қаватли уйларни таъмирлайдиган давлат корхонаси раҳбари тасдиқланди

Холжигитов Раббимқул Абдурахманович Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича инжиниринг компанияси” давлат муассасаси директори лавозимига тайинланган. Бугун бўлиб ўтган вилоят кенгаши сессиясида ушбу тайинлов тасдиқланди.

Р.Холжигитов 1967 йилда Булунғур туманида туғилган. 1993 йил Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини (кундузги) муҳандис-қурувчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Унинг каръераси 1999 йилдан бошланган, дейиш мумкин. Чунки ўша йили чилангар, бўлим бошлиғи бўлиб юрган “Сувоқова” ишлаб чиқариш бошқармасида бошлиқ ўринбосарлигига тайинланган.
2000-2001 йилларда Самарқанд шаҳар “Абдураҳмон” хусусий фирмаси директори бўлган Р.Холжигитовнинг кейинги фаолияти бевосита вилоят ҳокимлиги билан боғлиқ.
Фақат 2008 йилда бир муддат “Марказгаз” унитар корхонаси Самарқанд шаҳар филиали бошлиғи бўлган. 2016-2017 йилларда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Самарқанд тумани филиалида бошлиқ бўлган.
Ҳа, ўрта бир муддат Булунғур тумани ҳокимига ўринбосарлик ҳам қилган.
2022 йилдан бери хусусий тадбиркорлик қилиб келаётган Р.Холжигитов тизим учун бегона эмас. Чунки у 2021-2022 йилларда “Кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжирининг компанияси” давлат унитар корхонаси вилоят ҳудудий филиали директори бўлган.