Ичимлик суви бўйича мавжуд ҳолат ва муаммолар очиқланди

“Самарқанд сув таъминоти” АЖ раиси Толиб Бобоев вилоят матбуот уйида ўзи раҳбарлик қилаётган тизимда 2025 йилда амалга оширилган ишлар, янги режалар ҳамда мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш бўйича амалга оиширилиши дозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритди.

Матбуот анжуманида келтирилган рақамларни бу ерда батафсил шарҳлашни лозим топмадим. Ичимлик суви истеъмолчилари ва канализациядан фойдаланувчилар ҳар кунги ҳолатга қараб, тизимга ўзлари баҳо беришлари мумкин. Носозиклар, сув таъминотидаги узулишлар каби нохуш ҳолатлар билан тўқнаш келаётган самарқандликлар тизимга фақат ижобий баҳо беришдан иборат хабар ёки мақолани ҳазм қила олмаслиги аниқ.

Аммо холислик нуқтаи назаридан соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишга бўлган интилиш, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳақида очиқ гапирсак, бу тўғри бўлса керак?

2025 йилда амалга оширилган ижобий ишлар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

“Самарқанд сув таъминоти” АЖ истеъмолчилари сонининг деярли 6 фоизга ошиб, уларнинг умумий сони 376 мингтага етказилганлиги, авваллари сувни ташиб ичувчи 6 мингдан ортиқроқ истеъмолчи хонадонига ичимлик суви тармоғи тортиб берилганлиги, маблағ ундириш даражаси 106 фоизга етказилганлиги, аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 60 кмга яқин сув тармоқлари тортилганлиги, 8 та сув иншооти қурилиб, 4 таси реконструкция қилинганилиги, 45 йил давом этган бемаъни ҳолат – юқори қаватларга сув чиқмаслик ҳолати бартараф этилиб, 42 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган хонадонлар соатбай режимдан 24 соатлик узлуксиз режимга ўтказилганлиги.

Тизимда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, сув ва оқова иншоотларига қуёш панеллари ўрнатиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича қилинган ишлар, албатта, ижобий баҳоланишга лойиқ. Бундай йўл тутиш электр энергияси харажатларини камайтиради.

Акциядорлик жамият раҳбари Толиб Бобоевнинг уқтиришича, ўтган йил Жомбой туманида тажриба-синов тарзида барча сув иншоотларида қуёш панеллари ва зарур ускуналар ўрнатилди. Бунинг учун қарийб 1 миллиард сўм сарфланди. Натижада истеъмолчиларга ичимлик суви етказиб бериш ва оқова хизматлари учун сарф бўладиган электр энергияси сарфи камайди, хизмат кўрсатиш сифати ошди. Демак, синов муваффақиятли якунланди ва бошқа туман ва шаҳарларни ҳам муқобил энергия манбаларига ўтказишга йўл очди.

Аҳоли, яъни истеъмолчилар норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатлар жамият раҳбар ва ходимларини ҳам ташвишлантираётганлигни таъкидлар экан, Т.Бобоев ўтган йилнинг 5 декабрида Садриддин Айний кўчасида юзага келган авария сабабли уч кун сув берилиши тўхтатилганлиги учун узр сўради. “Водопровод тармоғининг асосий қисми бундан 50-60 йил аввал тортилган. Улар ҳар тмондан эскириб бўлган эди. Кўпгина носозлику узилишлар шу билан боғлиқ эди. Бугунга келиб, тармоғни деярли янгилаб бўлдик”, – дейди АЖ раҳбари.

2025 йил якуни бўйича истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги йил бошидагига қараганда 28 фоизга камайган ва ундирув даражаси 106 фоизни ташкил этган бўлса-да, жамият муддати ўтган дебитор қарздорликларни ундириш мақсадида судларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Нега айримлар хизматдан фойдаланади-ю, унинг учун пул тўлашдан ўзини олиб қочади? Ахир, бу на одамгарчиликка, на диёнатга тўғри келади-ку?! Йил давомида жамият бухгалтери ва юристи асосий ишлари қолиб кетиб, судларга деярли 20 миллиард сўмлик 2715 та даъво аризалари киритган.

Т.Бобоев журналистлардан “Ўзсувтаъминот” АЖ хизматларидан фойдаланганлик учун тўловни амалга оширишнинг қулай йўлини кенг тарғиб қилишда кўмаклашишни сўради. Эниликда тўловларни бир қатор электрон тўлов тизимлари ҳамда бошқа замонавий ва қулай воситалар орқали амалга ошириш имкони мавжуд. Бунинг учун АЖнинг “Шахсий кабинет” хизматидан фойдаланилса кифоя. Бу ҳақда илова қилинаётган видео қўлланма орқали маълумот олиш мумкин.

Тошпўлат Раҳматуллаев