Фақат дарсхонада, амалиётсиз маҳоратли журналист тайёрлаш мумкинми?

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг халқаро журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун медиа-марказ очилди. Бу ерда бўлажак журналистларни замон талабига мос қилиб тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Марказ техник жиҳатдан юқори савияда жиҳозланганлиги диққатга сазовор.

Юқорида, яъни сарлавҳада қўйилган саволга, албатта, йўқ деб жавоб берган бўлардим. Чунки худди тиббиёт ходими каби журналистни амалиётсиз тарбиялаб, вояга етказиш мумкин эмас.

Акс ҳолда, ўқишни битириши билан таҳририятга бориб, иш бошлаган ёш кадр нима қилишини билмай аросатда қолади. Бундайлар таҳририятда бир неча йил мусаҳҳиҳ вазифасида ишлаб, ўзига хос амалиётни шу ерда ўташга мажбур бўлади.

СамДЧТИ янги раҳбарияти халқаро журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабаларда замон талабига мос амалий кўникмаларни шакллантириш борасида қилаётган ишлари таҳсинга лойиқ. Аммо, шу билан бирга, малакали мутахассис тайёрлаш учун институтда назарий билимлар юқори савияда бўлмоқлигини таъминлаш муҳим.

Ўтган йили СамДЧТИда бўлиб, талаба ва уларнинг педагоглари билан суҳбатлашганимдан сўнг бу ерда халқаро журналистика йўналишида олий маълумотли журналист тайёрлашга едарлича эътибор йўқлигига гувоҳ бўлиб, жараён ўз ҳолига ташлаб қўйилган деган хулосага келган эдим. Журналистика назариясидан хабардор педагог йўқлиги, керакли дарслик ва ўқув қўлланмалари бўлмаганлиги, камина суҳбатлашган талабалар бўлажак касбининг асосларидан бехабарлиги мени даҳшатга солган эди. “Йўналишни очишга очгану, нега эътиборсиз қолдирган” деган саволим ўшанда жавобсиз қолган эди.

Шу сабабли СамДЧТИда медиа-марказ очилиши ҳақидаги хабардан қувониб у ерга йўл олдим.

Биз, журналистларни бинога кираверишда институт ректори Баҳодир Холиқов кутиб олди ҳамда иш хонасига таклиф қилиб, халқаро журналистика йўналишида мутахассислар тайёрлаш тизимида бўладиган ўзгаришлар ҳақида батафсил сўз юритди. Алоҳида кафедра очиб, ўқув жараёнига тажрибали профессор-ўқитувчилар ва катта тажрибага эга бўлган журналистларни жалб этиш, янги дарслик ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ушбу янгиликлар қаторига киради.

“Биз талабаларимизни назарий билимлар билан қуроллантиришдан ташқари улрни амалий фаолиятга биринчи курсданоқ жалб қилишга интиламиз, – деди Б.Холиқов. – Чунки назарий билимлар амалиётда мустаҳкамланган тақдирдагина ўз самарасини беради. Шу мақсадни кўзлаб, медиа-марказ ташкил қилдик”.

СамДЧТИда ўтказилган пресс-тур доирасида биз, бир гуруҳ журналистлар, медиа-марказ билан танишдик, у ерда яратилган шарт-шароитлар, техник имкониятлар ва жамоанинг режалари ҳақида хабардор бўлдик. Медиа-марказ замонавий жиҳозлари тезкорлик билан сифатли материал тайёрлаш имконини беради. Ҳамма гап бу ускуналарни ким ишлатиши ва талабаларга улардан фойдаланишни кимлар ўргатишида. Бу ишларни самарали ташкил этиш учун медиа-марказга раҳбар этиб тажрибали журналист, жонкуяр касбдошимиз Манноб Ибодуллаев тайинланган.

Институт раҳбарияти, педагоглар ва халқаро журналистика йўналишида таълим олаётган иқтидорли талабалар билан пресс-тур иштирокчилари суҳбати очиқ ва конструктив тарзда ўтди. Сўзга чиққанлар, жумладан, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ва бошқалар медиа-марказдан унумли фойдаланиш бўйича қатор тавсиялар беришди. Тажрибали журналистлар лозим топилса, ёрдамга тайёр эканликларини билдиришди.

Пресс-тур қатнишчилари институтда ташкил этилган “Регистратор офиси”, синхрон таржима лабораторияси, “Карьера маркази”, “Келажакка қадам маркази” ҳамда “Ситуацион марказ” фаолияти билан ҳам танишди. Шунигдек, меҳмонлар иштирокида хорижлик талабалар учун барпо этилган 48 ўринли хостелнинг рамзий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Хайрлашишдан олдин Баҳодир Холиқов журналистларни институт билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди. Бу ҳамкорлик Самарқандда етишиб чиқадиган журналистлар салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Тошпўлат Раҳматуллаев
ФОТО: муалллиф; ZarNews