Самарқандда 10 га яқин мансабдорга чора кўрилади — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхановнинг Самарқанд вилоятида ўтказган ўрганишлари якунлари ҳақидаги ахборотида сўз боради.
Маълумотда хусусан, банк, қурилиш, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, тадбиркорлик, бандлик, савдо, энергетика соҳаларидаги коррупцион ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтилган.
Вилоятда давлат харидларини амалга оширишда ҳам қонунбузарликлар сақланиб қолмоқда. Агентлик томонидан 2025 йилда 3,4 млрд сўмлик 9 та давлат хариди натижасини бекор қилиш бўйича давлат буюртмачиларига тақдимнома киритилган.
Жорий йилда вилоят бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг 248 та қарор ва фармойиши “яширилган” (ХДФУ грифи) асосида қабул қилинган бўлиб, 49 таси асоссиз яширилган деб топилди.
Вилоятда давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилган хорижий хизмат сафарларига айрим мансабдорлар ўз яқин қариндошларини юборгани ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар Агентлик ўрганишларида ҳам тасдиқланиб, айбдорларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ ўрганишларида вилоятда 100 га яқин бошқарув ходимларининг тадбиркорлик субектларида таъсисчилик ва раҳбарлик асосида фаолияти сақланиб қолаётганлиги аниқланди. Ваҳоланки, ўтган йили вилоятнинг 30 нафар давлат хизматчиси айни шу масалада маъмурий жавобгарликка тортилган.
Йиғилишда тизимли камчиликларга йўл қўйиб келаётган 10 га яқин масъул раҳбарларга нисбатан қатъий чора кўриш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Каттақўрғон туманини “Коррупциядан холи ҳудуд”га айлантиришга оид алоҳида амалий чора-тадбирлар белгиланган.