Самарқандда бюджет маблағлари нотўғри сарфланиши ортидан 34 та жиноят иши қўзғатилган

Вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан прокуратура органлари томонидан доимий прокурор назорати ўрнатилган.

Назорат тадбирлари давомида ўтган йили 171,9 миллиард сўм бюджет маблағлари қонун талабларига зид равишда сарфланган. Хусусан, 134,3 миллиард сўмлик ноқонуний харажат ва ортиқча тўловлар амалга оширилган, 34,8 миллиард сўм жамғарма маблағлари белгиланган тартибларга риоя этмаган ҳолда ишлатилган. Шунингдек, 2,8 миллиард сўмлик пул маблағлари ва моддий бойликлар камомадига йўл қўйилган.

Ноқонуний сарфланган маблағларнинг асосий қисми ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси (19 миллиард), мактабгача ва мактаб таълими (17,9 миллиард), сув хўжалиги (8,9 миллиард), ичимлик суви ва оқова суви (19,9 миллиард), автомобиль йўллари (3,8 миллиард) ҳамда бошқа соҳалар ҳиссасига тўғри келган.

Мисол учун, Самарқанд шаҳар Қорасув массивида 1680 ўринли умумтаълим мактаби ва спорт зали қурилишида амалда бажарилмаган 662 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қўшиб ёзилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Умуман, бюджет интизомига риоя қилмаган 51 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ишлар судларга юборилган. Бу амалиёт ортидан тиббиёт соҳасидан 16 нафар, қурилишдан 11 нафар, сув хўжалигидан 6 нафар, ветеринариядан 5 нафар, мактабгача ва мактаб таълим ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари тизимидан 4 нафардан, маданият соҳасидан 3 нафар, қишлоқ ҳўжалиги ва автомобил йўллари тармоқларидан 1 нафардан шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида смета ҳужжатларида назарда тутилган 301,5 миллиард сўм бюджет харажатлари меъёрга мувофиқлаштирилган, 120,1 миллиард сўмлик мақсадга номувофиқ ҳамда ортиқча харажатли давлат харидларининг олди олинган. Талон-торож қилинган маблағларнинг 24,9 миллиард сўми бюджетга қайтарилган.

Назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 9 та тақдимнома киритилиб, қонунга зид ҳужжатларга 32 та протест келтирилган. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 34 та жиноят иши қўзғатилган.