Меморандумдан амалий ҳамкорлик сари: Перм тадбиркорлари Ўзбекистон бозорида янги имкониятларни изламоқда

«Деловая Россия»нинг Перм минтақавий бўлими делегациясининг Ўзбекистонга беш кунлик бизнес-миссияси Тошкент ва Самарқандда қатор учрашувлар, ишлаб чиқариш корхоналарига ташрифлар ҳамда янги ҳамкорлик ташаббуслари билан якунланди. Сафар доирасида Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан меморандум имзоланди, томонлар эса ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилашга қаратилган йўл харитасини ишлаб чиқишга киришди.

19–23-октябрь кунлари «Деловая Россия» жамоат ташкилотининг Перм минтақавий бўлими делегацияси Ўзбекистонда бизнес-миссия билан бўлди. Беш кун давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган учрашувлар, ишбилармонлик музокаралари ва саноат корхоналарига ташрифлар икки минтақа тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини аниқлаш ҳамда савдо-ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантиришга қаратилди.

Миссия таркибидан Перм ўлкасининг саноат, қурилиш, машинасозлик, соғлиқни сақлаш, молия ва инвестиция соҳаларида фаолият юритувчи корхоналари вакиллари ўрин олди. Делегациянинг асосий мақсади шунчаки бизнес алоқаларини кенгайтириш эмас, балки истиқболли ҳамкорларни топиш, компаниялар ўртасида бевосита мулоқот ўрнатиш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратишдан иборат бўлди.

Тошкент: мулоқотдан келишув сари

Бизнес-миссиянинг расмий дастури «Перм–Ўзбекистон» бизнес-диалоги билан бошланди. Унда икки томон вакиллари ўз минтақаларининг иқтисодий салоҳияти, корхоналари, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ва кўрсатаётган хизматлари ҳақида тақдимотлар ўтказди. Перм тадбиркорлари ўлканинг саноат имкониятлари, технологик базаси ва компанияларнинг истиқболли лойиҳаларини таништирди.

Тадбир якунида Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат билим ва технологиялар алмашиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш ҳамда икки томон делегацияларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш каби йўналишларни қамраб олади.

Бироқ бизнес-миссиянинг аҳамияти фақат имзоланган ҳужжат билан чекланиб қолмади. Расмий учрашувлардан сўнг ҳам тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот давом этди: иштирокчилар ўзаро алоқа маълумотларини алмашди, айрим компаниялар эса кейинги музокараларни давом эттириш бўйича дастлабки келишувларга эришди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ўтказилган учрашув ҳам ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилди. Унда «Деловая Россия» ташкилотининг имкониятлари ва фаолият йўналишлари тақдим этилиб, компаниялар эҳтиёжлари ва мавжуд сўровлар муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро таклифлар алмашиш ҳамда зарур ҳолларда тегишли мутахассисларни ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш юзасидан келишиб олди.

Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори Акром Алимов Перм ўлкаси билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди:

«Перм ўлкаси Ўзбекистон учун катта қизиқиш уйғотади: саноат базаси ривожланган, технологик ва тадбиркорлик салоҳияти юқори минтақа. Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, янги ҳамкорлар топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз».

Делегациянинг Тошкентдаги навбатдаги манзили Марказий Осиёдаги йирик технопарклардан бири — ТEЧНОПАРК саноат мажмуаси бўлди. Ташриф давомида меҳмонлар ҳудуддаги ишлаб чиқариш майдончалари, маҳаллийлаштирилган корхоналар ва замонавий технологик жараёнлар билан танишди.

Бир мажмуа доирасида маиший техника, лифтлар, эскалаторлар ва саноат ускуналари ишлаб чиқарилаётгани Перм тадбиркорларининг алоҳида эътиборини тортди. Улар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, бутловчи қисмлар етказиб бериш занжири ва Перм компаниялари билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш имкониятларига доир саволлар билан мурожаат қилди.

Бу каби ташрифларнинг амалий аҳамияти ҳам шунда: корхоналар салоҳиятини бевосита ўрганиш орқали ҳамкорликнинг умумий йўналишлари эмас, балки ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан келиб чиқадиган аниқ имкониятлар аниқланади.

Самарқанд: ишлаб чиқариш салоҳияти ва янги ҳамкорлик имкониятлари

Бизнес-миссиянинг навбатдаги босқичи Самарқандда давом этди. Делегация вилоят Савдо-саноат палатасида маҳаллий тадбиркорлар билан учрашди. Дастлаб компаниялар ўз фаолияти ва таклифларини тақдим этди, шундан сўнг иштирокчилар ўртасида индивидуал музокаралар ташкил этилди.Юзма-юз мулоқот давомида томонлар ўзаро таклифлар ва алоқа маълумотларини алмашиб, қизиқиш уйғотган лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олди.

Самарқанддаги дастур ишлаб чиқариш корхоналарига ташрифлар билан давом этди. Делегация Самарқанд металлургия заводида бўлиб, корхонада йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Меҳмонларга рухланган ва совуқ прокатланган металл, полимер қопламали маҳсулотлар, пўлат қувурлар ҳамда қурилиш профиллари ишлаб чиқариш технологиялари намойиш этилди. Ишлаб турган технологик линиялар билан танишув давомида завод мутахассислари билан ишлаб чиқариш тажрибаси ва саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Айниқса, қурилиш ва машинасозлик йўналишларида фаолият юритувчи Перм компаниялари учун мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари потенциал ҳамкорлик нуқталарини аниқлаш имконини берди. Металл маҳсулотларини етказиб бериш, саноат эҳтиёжлари ва ишлаб чиқариш занжирларидаги ўзаро манфаатдорлик келгусидаги музокаралар учун муҳим мавзулардан бири бўлиши мумкин.

Делегациянинг Самарқанддаги яна бир муҳим ташриф манзили Мерос Интернатионал Ҳоспитал тиббиёт маркази бўлди. Ташриф давомида меҳмонлар клиниканинг техник жиҳозланиши, тиббий хизматларни ташкил этиш тизими ва хорижий беморларни қабул қилиш тажрибаси билан танишди. Марказда тиббий туризмни ривожлантириш, шифокорларнинг хорижда малака ошириши ҳамда халқаро тиббий хизматлар кўрсатиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Делегация таркибида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари мавжудлиги ушбу ташрифнинг аҳамиятини янада оширди. Шу тариқа, Самарқанд дастури саноат ва тиббиёт каби турли йўналишларда ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш билан давом этди. Кун ишбилармонлар иштирокидаги норасмий кечки овқат билан якунланди.

Кейинги босқич: меморандумни амалий лойиҳаларга айлантириш

Ҳарқандаймеморандумҳамкорликучунташкилийваҳуқуқийасосяратади.Аммоунингҳақиқийқийматикейингибосқичда—белгиланганташаббусларамалийлойиҳаларга,музокараларэсааниқкелишувларгаайланганиданамоёнбўлади.Айнипайтда«ДеловаяРоссия»нингПермминтақавийбўлимиимзоланганмеморандумасосидаҳамкорликйўлхаритасинишакллантиришустидаишламоқда.Ҳужжатгакиритилишимумкинбўлганқуйидагийўналишларўрганилмоқда:

  • ўзаро савдо ваколатхоналарини очиш;
  • савдо уйини ташкил этиш;
  • тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тажриба алмашинувини йўлга қўйиш;
  • нефт-газ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш;
  • тиббий туризм йўналишидаги алоқаларни кенгайтириш;
  • меҳнат ресурслари соҳасида ҳамкорлик қилиш.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббуслар ҳозирча муҳокама ва ўрганиш босқичида бўлиб, томонлар ўртасида якуний келишувга эришилган йўналишлар сифатида талқин қилинмаслиги керак.

Ҳамкорликни тизимли ташкил этиш мақсадида тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказиш режалаштирилмоқда. Унинг натижалари бизнес вакилларининг реал эҳтиёжлари, қизиқишлари ва устувор йўналишларини аниқлашга хизмат қилади. Шунингдек, йўл харитасида назарда тутиладиган ҳар бир вазифа бўйича масъулларни белгилаш кўзда тутилган.

«Деловая Россия» ташкилоти ҳамраиси, Бош кенгаш аъзоси Евгений Протопопов бизнес-миссиянинг мазмун-моҳиятини изоҳлар экан, ташрифнинг асосий мақсади ўзаро танишувдан кўра кенгроқ эканини таъкидлади:

– Биз учун Перм компаниялари имкониятларини кўрсатибгина қолмай, Ўзбекистон тадбиркорлари билан шахсан танишиш, ўзаро манфаатлар ва қўшма лойиҳалар истиқболларини муҳокама қилиш ҳам муҳим эди. Сафар якунига кўра биз йўл харитасини шакллантиришга киришдик, унга тадбиркорларнинг аниқ таклифлари киради. Вазифамиз уларни кейинги босқичга олиб чиқиш ва бошланган ишни давом эттиришдир. Ўзбекистонлик ҳамкасбларни Перм ўлкасида жавоб ташрифида кутиб олишдан хурсанд бўламиз – деди, Протопопов.

Ҳамкорлик самараси қандай мезонлар билан ўлчанади?

Бизнес-миссия икки минтақа тадбиркорлари ўртасида мулоқот учун янги майдон яратди. Тошкент ва Самарқандда ўтказилган учрашувлар, ишлаб чиқариш корхоналарига ташрифлар, индивидуал музокаралар ва имзоланган меморандум ҳамкорликнинг дастлабки ташкилий асосларини шакллантирди.

Бироқ халқаро бизнес алоқаларида ташрифлар сони ёки имзоланган ҳужжатларнинг ўзи якуний натижани белгиламайди. Асосий мезон — улар ортидан қандай амалий қадамлар қўйилишидир.

Шу нуқтаи назардан, мазкур ҳамкорликнинг кейинги ривожини бир неча муҳим кўрсаткич орқали баҳолаш мумкин: йўл харитасининг аниқ муддатлар ва масъуллар билан шакллантирилиши, тадбиркорлар ўртасидаги сўровнома натижалари асосида устувор йўналишларнинг белгиланиши, дастлабки музокараларнинг тижорий шартномалар ва қўшма лойиҳаларга айланиши, шунингдек, жавоб ташрифининг ташкил этилиши. Ҳозирча томонлар ўртасида бевосита алоқалар ўрнатилгани, ҳамкорлик йўналишлари муҳокамага қўйилгани ва йўл харитаси устида иш бошланганини қайд этиш мумкин. Бу эса бизнес-миссиянинг кейинги босқичи учун зарур ташкилий замин яратилганини англатади.

Перм ва Ўзбекистон тадбиркорлари учун эндиги вазифа — шаклланган мулоқотни изчил давом эттириш, ўзаро манфаатларни аниқ лойиҳалар билан боғлаш ва дастлабки келишувларни амалий натижаларга айлантиришдир. Зеро, минтақалараро иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси меморандум имзоланган куни эмас, унинг ортидан амалга оширилган биринчи реал лойиҳада намоён бўлади.

Ш.Ашуров

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan