Қанча закот беришни биласизми?

АҚШда ишлаётган маҳалладошларимиздан бири икки минг доллар юбориб, уни муҳтожларга тақсимлаб беришимни сўради. Биродаримнинг бундай хайрли амали бу ҳақда, аниқроғи муқаддас динимизда молиявий ибодатлардан бири ҳисобланмиш закот ҳақида фикр билдиришга ундади.

Агар ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган ҳар бир ўзига тўқ юртдошимиз закот берганда, мамлакатимизда камбағаллар сони кескин камаярди, деган хулосага келдим. Демак, ибодат даражасидаги закот уни берувчи ва олувчидан ташқари бутун жамиятга катта фойда келтиради.

Уламолар уқтиргандек, «закот» сўзи «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади. Афсуски, аксарият “мусулмонлар” буни тушуниб етгани йўқ.

Бизда ўзини мусулмон ҳисоблайдиган, аммо Худони тан олмайдиганлар кўплиги туфайли бу сўзни қўштирноғ ичига олдим. Нега дейсизми? Оллоҳ манъ этган амалларни қилиб келаётганларни мусулмон деб аташ тўғрими? Булар кимлигини барчамиз биламиз: пора олаётганлар, фирибгарлар, бошқалар мулкини ўзлаштираётганлар, мансабидан фойдаланиб, оддий халққа турли зулм етказаётганлар, ёлғончилар, риёкор шайх ва қорилар… Бу рўйхатни ўзингиз давом эттиришингиз мумкин.

Шукрлар бўлсинки, орамизда имонли, эътиқоди бутун инсонлар бор ва улар топганларининг ўзларидан ортиғини бошқалар билан, эҳтиёжмандлар билан баҳам кўришади. Шу йилги Рамазон ойида ўзига тўқ маҳалладошларимиз 60 миллион сўмдан ортиқроқ маблағни пул ва озиқ-овқат шаклида кам таъминланган ва ногирон оилаларга тарқатишди. Улар ўз ихтиёридаги мол-дунё Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканини, бу мол-дунёга вақтинчалик эга бўлиб турганини тушуниб етган чин мусулмонлардир.

Закот берувчилар билган бўлиши керак. Мусулмонлар идораси Фатво маркази 2026 йилги закот нисобини 585 пробали 85 грамм тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 миллион сўм деб белгиланди. Демак, камида 100 млн сўм маблағ ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши жами маблағининг қирқдан бирини (2,5%) ажратиб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.

Закотни фарз бўлиши учун ўнта шарт бўлиб, баъзилари закот бергувчига ва баъзилари бериладиган закотга тегишлидир. Ушбу шартлар билан батафсил танишиш учун интернетга ёки саводли ва ўзи Исломдаги барча амалларни чин дилдан бажарадиган имомга мурожаат қилиш мумкин.

Тошпўлат Раҳматуллаев