Кундуз куни содир бўлаётган қароқчилик: Банк ходими ўмарган пул учун оддий ўқитувчи жабр тортиб келмоқда

Таҳририятга мурожаат қилган пайариқлик ўқитувчи Турсуной Толибаеванинг кўрган сарсонгарчиликларини эшитиб ҳайратдан ёқа ушладик очиғи. Бир банк ходимининг виждонсизлиги, банк раҳбариятининг инсофсизлиги бу каби қанча фуқароларнинг йиллар давомидаги қийинчиликларига сабаб бўлган бўлса?

Воқеа 2019 йилда бошланади. Шу йили фуқаро Озода Жуманова қизи Турсуной Толибаева ва куёви И.Райимовга истеъмол кредити олиш мақсадида кафил сифатида “Халқ банки” Пайариқ туман филиалига мурожаат қилади. Кредит олиш жараёнида шартнома имзоланади. Банк ходимлари кредит уч кун ичида ажратилиши ва натижа ҳақида хабар берилишини айтишади.

Аммо орадан вақт ўтади, ҳеч қандай хабар келмайди. Йил охирига келиб банк ходимлари кредит ажратилмаганини йил якунида лимит тугагани билан изоҳлайди ва янги йил бошида кредит ажратилиши мумкинлигини билдиради. Кейинчалик маълум бўладики, аслида кредит ажратилган, буни банк ходими ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган бўлиб чиқади. Аммо ўша вақтда буни ўқитувчи Т.Толибаева билмайди албатта.

2020 йил январь ойида кредит масаласи яна сўралганда банк томонидан лимит ажратилмагани, эҳтимол, февраль ойида ажратилиши мумкинлиги аризани қабул қилиб олган банк ходими томонидан айтилади.

Аммо кўп ўтмай COVID-19 пандемияси бошланиб, карантин ва бошқа чекловлар сабабли кредит масаласини яна кўтариш имконияти бўлмайди ва жараён шу тариқа вақтинча тўхтаб қолади.
2021 йил июн ойида вазият кутилмаганда бошқа томонга бурилади. Банк ходимлари Турсуной Толибаева ва И.Райимов яшайдиган уйга боришади. Улар ҳар икки шахсга 20 миллион сўмдан кредит ажратилгани ҳақида маълум қилишади. Табиийки, фуқаро ҳолатдан ҳайратга тушади: кредит қачон ажратилган? Ким томонидан расмийлаштирилган? Қачон расмий кучга кирган? Уни ким “еб юборган”?

2022 йил давомида кредит бўйича пул ечилмайди. Бунинг сабаби сифатида икки омил кўрсатилади. Биринчидан, Т.Толибаева декрет таътилига чиққан, иккинчидан эса И.Райимов бўйича вақтинчалик кредит тўловларини ундиришни тўхтатиш ҳақида банк қарори қабул қилинган бўлади. Шу сабабли кредит бўйича ундириш жараёни вақтинча тўхтатилади.

2023 йил январь ойида кредит учун кафил бўлган О.Жуманованинг ойлигидан тўлиқ сумма ечиб олинади. Бу эса масаланинг ҳуқуқий томонини аниқлаш заруратини туғдиради. Шу сабабли 2023 йил февраль ойида Пайариқ туман прокуратурасига мурожаат қилинади. Шунингдек, Марказий банк ва ички ишлар органларига ҳам аризалар юборилади. Бироқ мурожаатлар бўйича ҳеч қандай амалий иш олиб борилмагани, ҳатто расмий жавоб хатлари ҳам келмагани айтилади.
2023 йил апрель ойида яна бир бор Пайариқ туман прокуратурасига ариза берилади. Шундан сўнг иш бўйича тергов ҳаракатлари бошланади.

Тергов жараёнлари 2023 йил октябрь ойигача давом этади. Шу даврда турли ҳужжатлар ўрганилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш жараёни олиб борилади. 2023 йил сентябрда иш иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментга ўтказилади. 2023 йил 30 сентябрь куни терговчи ишни департаментга ўтказганини маълум қилади. Бироқ департамент томонидан узоқ вақт давомида расмий жавоб берилмайди. Кейинчалик департаментда ишловчи ходим билан боғланилганда, у “командировка” сабабли иш чўзилиб кетганини айтади. Ўртада сарсон ўқитувчи турли идораларга мурожаат этишдан тўхтамайди.

Узоқ давом этган тергов жараёнидан сўнг 2023 йил декабрь ойида банк ходимига ИИБ айблови эълон қилинади. Бу эса ишнинг суд босқичига ўтиши мумкинлиги ҳақида умид уйғотади. 2024 йил январь ойида кредит шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиши ҳақида судга ариза берилади.
Аммо 2024 йил апрель ойида суд ушбу аризани рад этади. Терговда банк ходимига айблов эълон қилинган бўлса-да, 2024 йил 18 апрель ҳолатига кўра айбдор деб топилмагани сабабли даъво рад этилиши қайд этилади. Хуллас, очиқ ойдин таланаётган ўқитувчи суддан ҳам рад жавобини олади.
2025 йил июнь ойида иш натижаларидан норози томон вилоят терговчиси қабулига киради. У ерда тергов жараёнида таъминотчи қисми кўриб чиқилмагани юзасидан норозилик билдирилади. Шунга қарамай, 2025 йил 11 июль куни жиноят иши даъво муддати ўтганлиги сабабли тугатилади. Яъни ўқитувчи ўзи кредит олмагани ҳолда номига банк ходими томонидан олинган кредитни тўлаш билан сарсон, иш эса “муддати ўтган” деган важ билан тугатилади.

Воқеанинг энг даҳшатлиси шундаки, банк, ўз ходими фирибгарлик қилганини ҳаммадан яхши билади. У қидирувда эканини ҳам яхши билади. Шундай бўлгани ҳолда банк 2026 йил кредитни ундириш бўйича фуқарони судга беради. 2022 йилда тугаши керак бўлган кредит 2026 йилгача чўзилиб кетган деб ҳисобланади. Фуқаро судга чақирилмайди. Ва бу сафар суд ишни кўриб чиқади ва банк фойдасига қарор чиқаради.

Хуллас, суд 2 март куни кредитни ундиришни қаноатлантириш ҳақида қарор чиқаради. Суд қарорида кредитни бошқа шахс ноқонуний ундириб олган бўлиши кредит шартномасини бекор қилиш учун етарли асос бўла олмаслиги қайд этилади.
Шу тариқа оддий истеъмол кредити билан бошланган воқеа етти йил давом этган мураккаб жараёнга айланади. Банкдаги кредит расмийлаштирилиши, тергов жараёнлари, суд қарорлари ва даъво муддатлари билан боғлиқ масалалар эса ҳали ҳам турли саволларни туғдирмоқда.
Бу воқеа молиявий шартномалар, ҳуқуқий жараёнлар ва фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муаммолар ҳақида яна бир бор ўйлашга ундайди.

Ҳолатни ўрганарканмиз, битта савол тинмай тинчлик бермади бизга: Барча жараёнларда банк ходимининг айби тасдиқланади, ҳатто кредит бўйича таъминотчи ҳам ҳолатни рўй рост баён қилиб, банк ходими ноқонуний кредит расмийлаштиргани, уни нақдлаштириб берганини тан олади. Аммо бирор бир ташкилот, на суд ва на бошқа идора, ҳимоясиз ўқитувчи аёлнинг кўргуликларини аритишга ярамайди. Ҳеч ким ишни охиригача олиб бориб ҳақиқат қарор топишига ҳафсала қилмайди. Бу орада эса банк яна ҳам ҳаддидан ошиб, ҳатто фуқаро ўзи емаган барча суммани тўлаб бўлгач ҳам банк унинг пастик картасидан ҳамон пул ечаётганидан азият чекмоқда.
Хўш, Самарқандда бирор бир ташкилотда ўқитувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб бера оладиган мард топиладими?

Ҳумоюн ИБРАГИМОВ, журналист.