Ширкатларни назорат қиладиган борми?

Меҳнат таътилида ёзмайман, дам оламан, дегандим. Бўлмади.
Самарқанд шаҳри Қорасув масканидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қиламан. Биз яшайдиган дом «Nur Sharq Tess» сервис хизмат кўрсатиш ширкатига қарайди. Ушбу ширкат ўзига қарашли барча домларнинг лифтига чип ўрнатган. Агар ширкатга тўлов қилмасангиз чип ишламайди ва лифтдан фойдалана олмайсиз.
Энг қизиғи, аввал олти ой ёки бир йилга тўлов қилиб қўйсам то тўлов муддати келмагунча чип ишлаб турарди. Энди эса ҳисобингизда пул бўлса-да, ҳар ой чип ишламай қоляпти. Ўтган ой лифтда қамалиб қолдим, ширкатга телефон қилсам «Ширкатнинг пулини тўламаган бўлсангиз керакда», деди ширкат ходими.
Мен ўтган ой 500 минг сўм тўлов қилгандим. Чекини ҳам ташлаб бергандим,- дедим.
Унда ҳозир лифтёрни жўнатаман,- деди.
Билсам, ҳақиқатан ҳам чип ўчирилган экан. Ширкат ходимига чекни иккинчи марта ташлаб берганимдан кейин чипни ёқишди.
Энди шунга яна бир ой бўлибди. Бугун эрталаб лифтга кирсам чип ишламаяпти. Кликдан текширсам ҳали ҳисобимда 270 минг сўм пул бор. Ширкатнинг ойлик тўлови 93 минг сўм бўлган. Яна ширкатга телефон қилдим.
Нима ширкатга олдиндан пул тўлаб ҳар ой ялинишим керакми?- дедим.
Ҳозир улайман,- деди ширкат ходими.
Ширкат директори ким, менга рақамини беринг,- дедим.
Ширкат ходими телефонни қўйиб қўйди.
Ҳам тўлов қилиб, ҳам лифтда қамалиб ўтириш кимга ёқади? Аҳолига сервис хизмат кўрсатиш компанияси қачонгача аҳолининг асабига ўйнайди? Уларни назорат қиладиган ташкилот борми?
«Nur Sharq Tess» аҳолига сервис хизмат кўрсатишни эплолмаса йиғиштирсин сервис-первисини.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.