Хитой одамсимон роботлар ишлаб чиқариш ва уларга сунъий интеллект технологияларини интеграция қилиш борасида дунёда етакчи ўринни мустаҳкамлаб бормоқда. “Omdia” таҳлилларига кўра, 2025 йилда жаҳон бозорига етказиб берилган гуманоид роботларнинг 70 фоиздан ортиғи айнан Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.
Shanghai AgiBot Innovation Technology Co., Unitree Robotics ва UBTech Robotics каби йирик ишлаб чиқарувчилар роботларни нафақат саноат, балки тиббиёт, логистика, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ҳам фаол жорий этмоқда. Мутахассислар бу муваффақиятни давлат қўллаб-қувватлови, катта ҳажмда ишлаб чиқариш имкониятлари ва илғор сунъий интеллект моделларининг тезкор жорий этилиши билан боғламоқда.
Тадқиқотчилар фикрича, яқин 10–15 йил ичида гуманоид роботлар шаҳар ҳаётининг ажралмас қисмига айланади ва Хитойнинг ҳозирги устунлиги унга узоқ муддатли технологик ҳамда иқтисодий афзаллик тақдим этиши мумкин.